Вақт неъмати

0
1435

Аллоҳ таоло бу оламни тартиб ва интизом билан яратди. Унда кеча ва кундузи бор қилди. Бирининг ўзинниг муддати ва яна бирисининг ўз вақти бор. Ушбу кеча ва кундузни соату дақиқаларга, сонияу нафасларга бўлди. Инсонни ҳам Ўзи хоҳлаган хилқатда яратиб, унга ҳам бу дунёи фонийда бир қисқа вақтли, оз муддатли умр бериб чегаралаб қўйди. Ва бандаларининг ҳар бир ҳатти ҳаракатини, ҳар бир нафасини ва омонат қилиб берган умрни қандай ўтказганини банданинг ўзига исботлаш учун икки фаришта «киромайн котибайн»ларни ҳам яратиб, гувоҳ қилиб қўйди. Ҳатто қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилиш учун, қани бандам вақт деган неъматимни қадрига етиб, умрини беҳуда ўтказмадимикин?!.

Шунинг учун Аллоҳ таоло бизларга вақт деган неъматнинг нақадар буюк ва қадрли эканлигини билдириб, шундай дейди:

وَسَخَّر لَكُمُ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ دَآئِبَينَ وَسَخَّرَ لَكُمُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ (33) وَآتَاكُم مِّن كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَتَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا

«У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна У зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйинсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғини етолмайсизлар» (Иброҳим 33-34-оят).

Ва яна дейди:

وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِّمَنْ أَرَادَ أَن يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُورًا

«У эслатма –ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирнинг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир» (Фурқон 62-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг икки неъмати, кеча ва кундуздан ибрат олиш мумкин. Аввало умрнинг тугаб бораётганлиги, албатта, яхши кунлар билан бирга, банданинг бошига ёмон кунлар ҳам борлиги, кундузлари ишлаб, кечалари дам олишликка қулай эканлиги, қуёш чиқиб ботади, инсон ҳам қанчалик даражада кўтарилмасин барибир ҳам бир кунмас, бир кун тушишлиги ва ҳоказо…

Аллоҳ таоло вақтнинг аҳамиятлигини билдиришлиги учун Қуръонда бир неча вақт билан қасам ичган:

وَالْفَجْرِ – “Тонгга қасам», وَاللَّيْلِ إِذَا يَغْشَى – «Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам», وَالنَّهَارِ إِذَا تَجَلَّى – «Ёришиб – кўринган кундузга қасам», وَالضُّحَى – «Чошгоҳ вақтига қасам»,وَالْعَصْرِ – «Асрга қасам».

Агар Аллоҳ таоло ўзи яратган махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичса, бу ҳолат бирор ҳодисага инсонларнинг диққатини қаратиш ҳамда ўша қасам ичилган нарсанинг қадри ва манфаати улуғлигини инсонларга билдириш эканини муфассирларимиз билдиришган.

Парвардигори олам буюрган ҳар бир ибодатнинг ўз вақти бор. Масалан 5 вақт намозни хоҳлаган пайтда ўқиса бўлавермайди. Ҳар бир амал вақтга боғлиқ, Аллоҳ таоло дейди:

إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا

«Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир» (Нисо 103-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганларида:

قَالَ سَأَلْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- أَىُّ الأَعْمَالِ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ قَالَ « الصَّلاَةُ عَلَى وَقْتِهَا ».

«Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ наздида қайси амал маҳбуб» деганларида, «Ўз вақтида ўқилган намоз», деб марҳамат қилдилар.

Худди шунга ўхшаш Рамазон рўзаси бўлсин, Ҳаж бўлсин буларнинг барчасини ўзи белгилаб қўйилган маълум бир муддати бор. Ҳатто закотни ҳам ўз вақти бор, яъни бир йил тўлгандан кейин берилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Аллоҳ таоло дейди: «Эй Одам фарзанди! Шуми менга адолатинг?! Мен сени неъматлар билан суяман. Сен эса гуноҳлар билан Менга жавоб қайтарасан. Яхшилигим сенга нозил қилинган, ёмонлигинг Менга кўтарилгандир. Қанча улуғ фаришталар бор, сенинг қабиҳ амалингни Менга олиб чиқишади».

إِنَّ اللّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنْفُسِهِمْ

«Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас» (Раъд 11-оят).

Биз ўзгармасак Аллоҳ таолонеъматниўзгартирмайди, бизлар тоинки ушбу берилган фароғат вақтларни, тинч вақтларни қадрига етмас эканмиз, олиб қўйиши ҳеч нарсамас. Агар қадрига етсак, Аллоҳ таоло бизларни тинчлик ва фароғат неъматларига бардавом қилаверади.

Қиёмат кунида кофирлардан биринчи бўлиб сўраладиган нарса бу вақтдир бунинг далили Қуръонда келган, яъни, улардан куфрлари ҳақида сўралганда, улар «Ё Раббий, биз билмаган эдик, бизларни чиқар» деб дод фарёд қилганларида Аллоҳ таоло дейди:

أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُم مَّا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَن تَذَكَّرَ وَجَاءكُمُ النَّذِيرُ فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِمِينَ مِن نَّصِيرٍ

«Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантиргувчи келмаган эдими?! Бас, энди, тотаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир» (Фотир 37-оят.).

Мусулмонлардан ҳам қиёматда сўраладиган нарса бу умр ҳақида. Муоз ибн Жабалрозияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«عَنْ مُعَاذِ بن جَبَلٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا تَزُولُ قَدِمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعِ خِصَالٍ: عَنْ عُمُرُهِ فِيمَا أَفْنَاهُ؟ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا أَبْلاهُ؟ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ؟ وَعَنْ عَلِمهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ؟

«Банда қиёмат куни 4 нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди: 1. Умрини нима билан ўтказгани? 2. Ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани? 3. Молу дунёни қайси касб орқали топгани? 4. Ўрганган илмига қандай амал қилгани?»

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи дейдилар: «Одамлар дирҳамларини йўқотишдан қўрқадилар, аммо вақтларни бой беришдан қўрқмайдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Муоз деган саҳобалари бўлган 30 ёшида иймонга келиб 37 ёшида вафот этган. Расулуллоҳ у зот ҳақида нима деганлар биласизми? Вақтики Саъд ибн Муознинг вафотлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар етиб келганида:

عَنْ جَابِرٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « اهْتَزَّ عَرْشُ الرَّحْمَنِ لِمَوْتِ سَعْدِ بْنِ مُعَاذٍ ».

«Саъд ибн Муознинг вафотидан Раҳмоннинг Арши ларзага келди» деб айтдилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Имом Нававий, буюк аллома, атиги 40 йилгина умр кўрганлар, бир неча томлик 500 та китоб ёзганлар. Илм билан банд бўлиб қолиб, ҳатто уйланмаган эканлар. Пуллари йўқлигиданмас, балки вақтларининг йўқлигидан, умрларини ғанимат билиб, Аллоҳ йўлига сарфлаганларидан.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунлик яхши ишларим кўпаймаганига қилган пушаймонимдек қаттиқ пушаймон қилмадим!» Бошқа бир сўзларида: «Агар кун ўтган ва мен ўзимни Аллоҳга яқин қиладиган илмимни зиёда қилмаган бўлсам, шу куннинг чиққан қуёши мен учун баракали бўлмагандир», дейдилар.

Бир машойихдан бир киши илтимос қилиб: «Келинг бироз гаплашиб ўтирайлик» деганида «Агар қуёшни тўхтатиб қўйсанг, майли сен билан у-бу нарсалар билан гаплашиб тураман» деган эканлар. Вақтларини қизғонган эканлар.

Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи умрлари охирлашиб тўшакка ётиб қолганларида, ёнларидаги шогирдларига дер эканлар: «Келинглар биронта фиқҳий масала кўриб чиқайлик, одам пиёда ҳаж қилса афзалми ёки уловда қилсами?» деб турганларида, шогирдлари: «Эй Устоз, ҳозир ўзингиз билан ўзингиз овора бўлиб турганда масала қилишнинг мавриди бўлмаса керак». У зот айтган эканлар: «Агар умримнинг бир сонияси қолса ҳам, мусулмонлар фойдасига хизмат қилишини хоҳлайман».

Маълумки, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини йўлчи юлдузларга қиёс этганлар. Уларнинг энг каттаси, ёрқини эса, шубҳасиз, Абу Бакр Сиддиқдир.
У киши жуда кам гап бўлганлар. Ҳатто ошиқча гап гапирмаслик учун оғизларига тош солиб юрганлари ривоят қилинади. Аммо керак пайтда шундай гапларни айтганларки, бутун бошли китобларда унга тенг келадиган маънони топиш қийин.

Вафотлари яқинлашгач, Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу мўминларга ҳазрати Умарни амир етиб, сўнг у зотга икки оғиз насиҳат ёзиб қолдирганлар:
«Эй Умар, сенда Аллоҳнинг тундаги ҳаққи бор, уни кундузи қабул қилмайди, кундузги ҳаққи бор, кечаси қабул этмайди. Фарзни бажармагунингча, нафлни қабул қилмайди. Қиёмат куни кимсаларнинг (савоб) тарозилари енгил бўлишига сабаб дунёда ботилга эргашганлари ва эргашиш уларга енгил бўлгани учундир. Қиёмат куни кимсаларнинг тарозилари оғир бўлишига сабаб дунёда ҳаққа эргашганлари ва бу эргашиш уларга оғир бўлгани учундир. Агар васиятимни ёдда тутсанг, ғайб нарсалар ичида сенга ўлимдан кўра маҳбуброғи бўлмайди. Агар уни унутсанг, ғайб нарсалар ичида қочиб қутулолмайдиганинг ўлимдан кўра ёмон нарса бўлмайди».

Адашганларга ҳодий яна бир йўлчи юлдуз ҳазрати Умар мана шу ўгитларга амал қилароқ, йўлбошчи бўлганларидан кейин кечаси деярли ухламадилар. Гоҳида уйқунинг зўридан ўтирган жойларида мудраб қолардилар. «Ётиб озгина дам олинг» дейишса, «Кундузи ухласам, раиятимдан бехабар қоламан, кечаси ухласам, Раббим менга берадиган насибаданмаҳрум бўламан», дер эдилар. Қиёмат кунининг ҳисобидан қўрқиб, жуда кўп йиғлардилар. Гўё Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотга жаннат хушхабарини бермагандек йиғлардилар. Ҳатто ёноқларида кўз ёшидан ариқча-из ҳосил бўлган эди.

Ҳазрати Абу Бакрнинг мазкур сўзлари қиёматгача ҳаққоний жаранглайди. Бугун ҳам бу ўгитларга амал қилганлар дунё ва охират саодатини қозониш аниқ. Агар кечанинг вазифаси кундузига, кундузнинг вазифаси кечасига қолдирилмаса, вақтнинг, умрнинг қадрига етилса, оғирлигидан қўрқиб, енгиллигига учиб, ботилга эргашилмаса, ошиқни маъшуққа қовуштирадиганни севилса, дини ва ватани учун содиқ ва солиҳ инсонларни дунё яна кўриши мумкин.

Бир куни кемага Саъдий Шерозий чиқиб денгиз орқали саёҳат қилмоқчи бўлиб қолибдилар. Ушбу кемага эроннинг подшоҳларидан бири ўзининг хизматкорлари билан ўтирди. Кема денгизнинг ўртасига келгандан кейин, у подшоҳнинг хизматкорларидан бири ҳечам денгизни кўрмаган экан дод-вой солишни бошлади. Шунчалик йиғлай бошладики, ҳамманинг таъбини хира қилди. Ҳеч ким у хизматкорни тинчлантира олмади. Саъдий хазратлари бориб подшоҳга айтдики, «Мен шу хизматкорни тинчитаман агар изн берсангиз». Подшоҳ: «Майли», деди «бу кўнглимизни хира қилди». Сўнгра Саъдий ҳазратлари иккита одамга айтдиларки: «Буни оёғидан ушланг, мен икки қўлидан оламан» дедилар. Шундай қилиб у хизматкорни сувга отдилар. Ҳалиги хизматкор сувга бир чўкиб, бир чиқиб, оғзи- бурунларига сув тўлди, кейин бир амаллаб кемага яқинлашиб, чиқиб олди. Саъдий ҳазратлари хизматкорни ушлаб олиб, янада узоқроққа отивордилар. Шундай қилиб 3-4 марта шуни ишни такрорладилар. Кейин хизматкор кемага чиқиб бир бурчагига бориб, сувга тушган мушукка ўхшаб жимиб қолди.

Эрон подшоҳи сўради: «Бунинг ҳикмати нима? Дод вой солиб йиғлаб турган одам бирданига ўчиб қолди». Шунда Саъдий ҳазратлари дедиларки: «Бу хизматкор кемага чиқишда бунинг неъмат эканлигини билмаган эди. Бу сув устидаги нажот аслида кема эканлигини билмади. Бу ўйладики, агар сувни ўртасига бориб қолсам, энди шу кема билан чўксам керак, деб ўйлади. Лекин кейин билдики, аслида уни саломат сақлайдиган, хароботдан сақлаб турган аслида кема экан. Кейин жимиб қолди».

Саъдий ҳазратлари дейдиларки: Инсоннинг бошига бало тушмагунча, неъматнинг қадрига етмайди, яъни неъматнинг неъматлиги қачон билинади вақтики у неъмат унинг оёғининг остидан кетиб қолса. Ана шундагина у неъмат қадри билинади.

Аллоҳ таоло бизларга неьмат қилиб берган вақтни қадрига йетишни, уни ғанимат билиб, динимиз ва жонажон ватанимиз, жаннат макон юртимиз учун содиқ ҳамда фидокор инсонлардан бўлишни насиб айласин.

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
ТИИ талабаси
ummat.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг