1. Хатмга ўтиб берадиган қорини таклиф қилишда ўзига яраша эъзоз изҳор этишни унутмаслик керак. Бу қори учун эмас, хатми Қуръон қилувчи учун фойдалидир, чунки бу бевосита Қуръонга эҳтиромдир.

2. Хатми Қуръонда иштирок этишда мутасадди кишилар, хусусан, имом домлалар бошқаларга намуна бўлишлари лозим. Имомнинг меҳробда туриши жамоатга куч‑ғайрат беради, ўрнак бўлади. Акс ҳолда натижа ҳам аксинча бўлиши мумкин.

3. Хатмларда кўп жойларда учрайдиган камчиликлардан яна бири – овоз кучайтиргичнинг носозлигидир. Кўп ҳолларда мана шу жиҳатга эътибор берилмайди. Аслида эса бу жуда ҳам муҳим, қори учун ҳам, тингловчи учун ўта аҳамиятлидир. Қуръон учун ускунанинг энг яхшисини, сифатлисини топишга ҳаркат қилиш лозим. Шу билан бирга, уни Қуръон қироатига муносиб созлаш керак. Қуръон калималари ва ҳарфлари тиниқ, дона‑дона бўлиб чиқсин.

4. Агар хатм асносида суҳбат қилинадиган бўлса, Қуръон мавзусида, унинг фазилати, аҳамияти ҳақида бўлиши матлубдир. Шу билан бирга, ўқилажак суралар билан таништириш, улардаги умумий маъноларни айтиб бериш жуда улуғ ва гўзал иш бўлади. Бунинг хатмга берадиган файзи ўзгача бўлиши тажрибалардан маълум.

5. Кўпинча мутасадди кишилар жамоатнинг риоясини қилиб ёки бошқа бирор сабаб билан қироатнинг тез бўлишини талаб қилаётганларига гувоҳ бўламиз. Албатта, ўз ўрнида бу ҳам керак бўлиши мумкин. Аммо одамларнинг ҳолатини мулоҳаза қилиш қироатни меъёрдан ортиқ тезлатишга, Қуръоннинг ҳақларига путур етказишга олиб бормаслиги керак. Зотан, Холиққа гуноҳкор бўлинадиган ўринда махлуққа итоат этилмайди. Жамоатнинг талаби бош устига, аммо Қуръонимиз ундан ҳам азиз ва юксак эканини унутмаслигимиз керак.Айрим жойларда шундай оқсоқоллар бор, ўзидан ва ўзига ўхшаган икки‑уч кишидан хулоса чиқариб гап қилади, бошқаларни ҳисобга олмайди. Бу эса жамоатга нисбатан риоясизликдир, худбинликдир.Мутасаддилар, имом домлалар қорига тавсия бериш билан бирга, жамоатга ҳам бу ой Қуръон ойи эканини, ғанимат эканини, ҳар доим ҳам хатм қилиб беравермайдиган қоридан фойдаланиб қолиш лозимлигини уқтиришлари керак.

Кимларнингдир беҳуда гапларига қулоқ осишга, қандайдир бемаъни, ҳатто гуноҳ ишларни томоша қилишга ҳафталаб, йиллаб сарфлаймиз‑у, лекин Қуръон тинглашга беш‑ўн дақиқа вақтимиз кўп кетиб қолса, сиқилиб, ўлиб қолай деймиз. Чойхоналарда ўтирган пайтингизни бир кўз олдингизга келтиринг. Ўша ерда ҳам шу беш‑ўн дақиқа устида бош қотирасизми? Бозорда харидор кутганда, ишхонада мижозга кўз тикиб турганда ҳам таровеҳнинг ҳар ракъат ё ҳар тасбеҳи неча дақиқа кечаётганини ҳисоблагандек, ҳар замон‑ҳар замонда соатингизга термулиб ўтирасизми? Наҳотки мўминнинг меърожи бўлган намозда, Аллоҳнинг қаршисида туришда шунчалик ҳиммат қилмаймиз?! Ўрни келганда инсонларнинг гапларини тушунсак‑тушунмасак, ёқтирсак‑ёқтирмасак соатлаб тинглашга чидаймиз‑у, Аллоҳнинг каломини эшитишга бунчалар қалбимиз тор бўлмаса?! Инсоф билан айтинг-чи, бу ниманинг аломати бўлиши мумкин? Қайси мезонга тўғри келади бундай бетоқатлик? Нафсдан бошқа нима туртки бор?  Келинг, бир муддат унга қулоқ тутинг, қалбингизни бир дам унга беринг! Зора қалбингиздаги кирлар кетиб, мусаффо бўлиб, Роббингизнинг сўзидан ҳузур топиш мақомига эришсангиз. Чин иймон ва муҳаббат бўлса, шундай бўлиши аниқ.Мўмин киши Қуръоннинг қаршисида ҳайиқиб туриши керак. Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳнинг шиорларини – динининг белгиларини улуғласа, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир», дейди. Аллоҳнинг Қуръондан кўра буюк нишонаси борми? Исломнинг бундан юксак аломати борми? Ўзингизга мазкур илоҳий ўлчовда, қуръоний кўзгуда бир боқинг!Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, турли ортиқча гап‑сўз ва талаблар билан қорининг хотирини хира қилиш, қалбини банд қилиш унинг ниятига, мақсадига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қори Аллоҳнинг муроқабаси ўйида, қалб амрида, ички илҳом тасарруфида эмас, балки талабгорларнинг розилиги илинжида бўлиб қолади. Бу эса унинг руҳониятининг бузилишига олиб келади.

Умуман олганда, Қуръон тингловчи киши қуйидагиларга аҳамият бериши лозим:

1. Ниятни тўғри ва тугал қилинг. Ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Амалнинг адоси ҳам, тугаллиги ҳам, ҳаловати ҳам, савоби ҳам ниятга асосланади. Ният фақат шу таровеҳда, хатмда туриш эмас, балки Қуръони Каримдан баҳра олиш, унинг тиловати билан дилларни юмшатиш, зангини кетказиш бўлиши керак. Иш «Хатми Қуръонда турдимми, турдим» қабилида бўлмаслиги лозим. «Дадам «Хатми Қуръонга чиқ», дедилар», «Савоб бўлади, дейишяпти‑ку» деган тушунчалар билан чекланиб қолиш ярамайди.

2. Хатми Қуръон қилиш, Қуръонга боғланиш улуғ ибодат, буюк фазилат эканини доимо ёдда тутинг. Рамазон Қуръон ойи эканини бутун вужудингиз билан ҳис этишга интилинг. Кундузлари рўза тутиб, тунлари хатми Қуръонда бўлар экансиз, икки қанотли қуш каби юксак чўққиларга парвоз этаётганингиздан шодланинг!Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчилик қилади. Рўза: «Ё Раббим! Мен буни кундузлари таом ва шаҳватдан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Ё Раббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Шунда икковининг ҳам шафоати қабул қилинади».

3. Намозда туриш учун керакли вақт ва қувват ҳозирланг. Куни билан ишлаб чарчаган киши хатми Қуръонда ҳузур билан туриши жуда қийин. Ҳар ким ўзининг жисмоний имкониятидан келиб чиқиб, керакли тайёргарликни кўриб олишга одатланиши керак. Бунинг учун Рамазонда бошқа ишларни бироз қисқартириш, бу ойдаги фазилатлардан унумли фойдаланишга интилиш керак. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, салафи солиҳларнинг одатларидир.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом билан бирга ўша вақтгача нозил бўлган сура ва оятларни ўқир эдилар. Ҳаётларининг сўнгги йилида Жаброилга Қуръонни икки маротаба ўқиб ўтказганлар. У зот Рамазонда ибодатга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ берилар, масжидга қубба тикиб, ўша ерда ёлғиз эътикоф ўтирар, бирор киши мурожаат қилса, қуббадан бошларини чиқариб, унинг ҳожатини раво қилар, сўнг яна ибодатда давом этар эдилар. Охирги ўн кунлик кирганида эса, Оиша розияллоҳу анҳо таъкидлаганидек, белбоғларини маҳкам боғлаб, бутунлай ибодатга шўнғир эдилар.Имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Саврий каби мужтаҳид алломалар Рамазон ойи келганда фиқҳ, ҳадис ва бошқа дарсларни тўхтатиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлишар эди. Тонг маҳали Мадина кўчаларида арининг ғўнғиллашига ўхшаш товуш эшитиларди. Бу овоз саҳарда Қуръон ўқиётган одамларнинг қироатларидан ҳосил бўлган садолар эди.Энди ўз ҳолатимизга бир боқайлик. Хўш, биз Қуръонга қанчалик аҳамият беряпмиз? Кўпчилигимиз йил бўйи Қуръон ўқимай юрамиз. Баъзиларимиз Қуръон ўқишни билмаймиз ҳам. Бу ҳеч кимга сир эмас. Уламолар: «Ҳар бир мўмин киши бир кунда бир пора ўқиб, бир ойда хатм қилиб турсагина, Қуръоннинг ҳаққига риоя қилган бўлади, ғофиллар сафидан ўчирилади ва бир макруҳнинг гуноҳидан қутулган бўлади», дейишган.Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари маърузаларидан бирида: «Халқимизнинг ишчисию мутасаддилари, савдогарию ҳунармандлари бир ойда бир бора Қуръонни хатм қиладиган савияга етсак, динимизга амал қилишда ўрта даражани эгаллаган бўламиз», деб бежиз айтмаган эдилар.

4. Таровеҳни саккиз ракъат ўқишга одатланманг. Айрим кишиларимизда шундай эътиқод бор. Нима эмиш, таровеҳнинг саккиз ракъати суннат, қолгани бидъат эмиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ракъат ўқиган эмишлар. Бу жуда хом гап бўлиб, илмий таҳлилларга дош бера олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда бирга таровеҳ ўқиган саҳобалар Умар розияллоҳу анҳунинг бошчилигида таровеҳни йигирма ракъат ўқишга ижмоъ қилишган. Яна қандай асос керак? Яна қандай далил керак? Кўпчилик уламолар: «У зот алайҳиссаломнинг тунги намозни доим саккиз ракъат ўқиганлари ҳақидаги ривоятлар таровеҳ ҳақида эмас, бошқа намозлар ҳақида, нафл, таҳажжуд намозлар ҳақида бўлган», дейишган. Саҳобаларнинг ижмоълари ҳам шуни тақозо қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзан Рамазонда тунги нафл намозни кечанинг ярмига бориб тугатиб қўйганлар. Шунда саҳобалар: «Кечанинг қолган қисмида ҳам нафл ўқиб берганингизда эди», дейишган. Шунда у зот: «Ким имом қайтгунича у билан ибодатда турса, унга бир кечани ибодатда ўтказганлик савоби ёзилади», деганлар. Буни яхши билиб олишимиз лозим.Нима бўлганда ҳам, бошқа пайтларда таҳажжуд ўқиш, нафл ибодатлар, хатми Қуръон қилишга қунт қила олмаяпсизми, ҳеч бўлмаса шу ғанимат фурсатдан фойдаланиб қолинг!

5. Сафларга эътибор беринг! Таровеҳ нафл намоз бўлгани учун унда сафларни тугал қилиш фарз намозлардагичалик қатъий талаб қилинмайди. Бироқ буткул бепарволик ҳам намозга, жамоат бирлигига раҳна солиши мумкин. Баъзан сафлардаги парокандаликни кўриб, ичингиз ғаш ҳам бўлиб қолади. Улар намоз ўқишяптими ёки тўртта‑тўрта бўлиб гаплашиб туришибдими, билмай қоласиз. Бу албатта, намоз одобига тўғри келмайди. Ҳар қалай, сафлар қанча мукаммал бўлса, намоз шунча тўкис бўлишини унутмаслик лозим.

6. Ўқиладиган сура ва оятларнинг маъносини билишга интилинг! Ўқиладиган суралар ва оятларнинг маъносини имом домла ёки қори айтиб бермаган тақдирда ҳам, ўзингиз учун ҳаракат қилиб, уларнинг маъноларини билишга интилинг! Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда бунинг учун имкониятлар етарли. Устозларимизнинг тафсирлари чиқиб турибди.Ҳар кунги ўқиладиган қироатнинг мазмуни билан олдиндан танишиб олинса, жуда улуғ иш бўлади, ўзгача бир роҳат ва қувват бўлади, зерикиш, малолланиш деган гаплар бўлмайди.

7. Сизнинг муҳаббатингиз, шавқу завқингиз имомга, қорига илҳом бахш этишини унутманг. Тингловчиларда ихлос, талаб қанчалик яхши бўлса, қориларда, имомларда шунча шижоат ҳосил бўлади. Бу исбот талаб қилинмайдиган, аммо исботини қўл билан тутиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

8. Қориларга хушмуомала бўлинг. Қоридан бирор камчилик ўтса, яхши гап билан, одоб‑маданият билан уқтиринг, аммо гап қилиб юрманг. Бу мўминлик ахлоқи ҳисобланади.

Зеро, имомингизга нисбатан самимиятингиз жуда кўп яхшиликларга сабаб бўлади.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг