Хатми Қуръон якуни — Хатмона кечаси (Фотомақола)

0
921

Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни зикр қилиб туриб, «Рамазон Аллоҳ рўзани фарз қилган ойдир. Мен мусулмонларга унинг тунларида ибодатда бедор бўлишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса, тунларида ибодатда бедор бўлса, ундан онаси туққан кундагидек гуноҳдан пок бўлиб чиқади», дедилар». (Ибн Хузайма ривоят қилган.)

Рамазон кечалари диёримиз масжидларида ҳам ҳавасли манзаралар… Ҳеч бир нарсага қиёслаб бўлмас ва ҳеч қачон тарк этгинг келмас илоҳий раҳмат муҳити ҳукмрон. Бу жойда покиза қалб соҳиблари Роббилари билан суҳбат қурмоқдалар. Унга муножотлар қилиб, шашқатор ёшлар ила хатолари, гуноҳларига истиғфорлар айтмоқдалар… Бандаликнинг, инсонийликнинг юксак мақоми, покиза фитратнинг шамойилидир бу ҳолат…

Тошкентнинг оқ марвариди “Минор” жоме масжидида ҳам Қуръони карим хатми якунига етди. Хатмонага нафақат Тошкент шаҳри, балки вилоятларимиздан ҳам кўплаб ихлосманд кишилар йиғилдилар. Бу масжидда уч йилдан буён хатми Қуръон ўтказиб бераётган устоз қорилар Жаҳонгир қори Неъматов ва Абдулбосит қори Қобуловлар 22 кун мобайнида Аллоҳ таолонинг Каломини тартил билан, гўзал савт билан ўқиб беришди. Хатмонага ташриф буюрган меҳмонлар — уламолар, имом-хатиблар, ҳофизи Қуръон қорилар янада файз олиб келдилар.

Маъруза ва дуоларда Қуръони карим якуни билан жамоатни муборакбод этилиб, Аллоҳ таолодан хатмоналарни қабул этишини сўраб дуолар қилинди. Бу масжид имом-хатиби ҳозирда бемор бўлиб турган Устоз Анвар қори Турсунов ҳаққларига Аллоҳ таолодан шифолар сўраб, яна ана шу минбарлардан халқимизга маърузалар қилишларини тилаб дуо қилинди. Бу улуғ кечада яна кўплаб дуолар қилинди: юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги, бутун мусулмон олами тинчлиги, бирдамлиги, иймонимиз, қалбимиз саломатлиги, икки дунё саодатини тилаб ва албатта хатми Қуръон қилиб берган қори ҳаққларига чин ихлос ила дуолар қилинди.

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг