АҲЛИ-АЁЛИ УЧУН НАРСА КЎТАРИБ КЕЛИШ

0
31

Амр ибн Абу Қурра Киндийдан ривоят қилинади:

«Отам Салмонга синглисига уйланишни таклиф қилди. У буни қабул қилмади ва Буқайра исмли озод қилган чўрисига уйланди.

Абу Қуррага «Ҳузайфа билан Салмоннинг ўртасида бир гап ўтган» деган хабар етди. Шунда у уни излаб борди. Унинг экинзорига чиқиб кетганини айтишди. Орқасидан бориб, уни ўша ерда учратди. Қараса, бандли саватга сабзавотлардан солиб олган экан. Саватнинг бандига ҳассасини киргизиб, кўтариб, елкасига қўйиб олибди.

Шунда (Абу Қурра):

«Эй Абу Абдуллоҳ! Сен билан Ҳузайфанинг ўртасида нима ўтган ўзи?» деди.

Салмон «Ва каанал инсаану ажуула» («Инсон шошқалоқ бўлгандир») оятини ўқиди. Сўнг икковлари юриб бориб, у(Салмон)нинг ҳовлисига келишди. Салмон ҳовлисига кирди, «Ассалому алайкум!» деди. Сўнгра Абу Қуррага ҳам киришга изн берди. У кирди.

Қараса, эшик томонга биттагина кигиз солиб қўйилибди. Бошга (ёстиқнинг ўрнига) ғишт қўйилган экан. Яна қандайдир тўқим ҳам бор.

Сўнгра: «Мавлоинг ўзи учун тайёрлаб қўйган кўрпага ўтир», деди ва сўзини бошлади:

«Ҳузайфа бир қанча нарсаларни гапириб юрарди. Уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи қавмлардан ғазаблари чиқиб турган пайтда айтган эдилар. Мендан келиб, ўша гаплар ҳақида сўрашар эди. Мен: «Ҳузайфа нима гапирганини ўзи билади. Мен одамлар ўртасида адоват келиб чиқишини ёқтирмайман», дердим.

Ҳузайфага бориб, «Салмон сенинг гапингни тасдиқлагани ҳам йўқ, ёлғонга чиқаргани ҳам йўқ», дейишди.

Шунда Ҳузайфа олдимга келиб:

«Эй Салмон! Салмоннинг онасининг ўғли!» деди.

«Ҳа, Ҳузайфа! Ҳузайфанинг онасининг ўғли! Билиб қўй, ё шу гапларингни тўхтатасан, ё мен сенинг устингдан Умарга шикоят ёзаман!» дедим.

Мен уни Умар билан қўрқитганимдан кейин мени ўз ҳолимга қўйди.

Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен ҳам одам боласиман. (Эй Роббим!) Умматимдан бир бандани лаънатласам ёки сўккан бўлсам ва бу ноҳақ бўлган бўлса, ўша лаънат ва сўкишни унинг учун дуога айлантир», деган эдилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисда экинзорга бориб, у ердаги нарсалардан елкада кўтариб келиш экан. Бунга Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг шундай қилганлари мисол қилиб келтириляпти. Саҳобаи киромлардан, уларнинг вакили Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан камтарликда ўрнак олишимиз керак.

Ҳадиснинг давомида Салмон Форсий билан Ҳузайфа розияллоҳу анҳумонинг ўртасида бўлиб ўтган хилоф узундан-узоқ баён қилинибди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қавмлардан ғазабланиб турган пайтда айтган гапларини эшитиб қолган эканлар. Буни Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳам билар эканлар. Салмон розияллоҳу анҳу индамай юрсалар ҳам, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу гапларни одамларга гапирган эканлар.

Одамлар бу гапларга сал ишонқирамай, Салмон ҳам эшитган эди, тўғримикан, деб Салмоннинг олдига келишса, «Ҳузайфа нима деган бўлса, ўзи билади», деб мужмал жавоб берган эканлар.

Салмон Форсий «Ҳа, бу бор гап», деб қўйсам, ҳамма буни қабул қилиб, баъзилар хафа бўлиб, орага совуқчилик тушиши мумкин, деб қўрқар эканлар.

Одамлар яна Ҳузайфанинг олдига қайтиб бориб, «Салмон сени ёлғончи ҳам, ростгўй ҳам демади», дейишибди. Бундан Ҳузайфанинг аччиғи чиқиб, нима учун икковимиз ҳам эшитган гапни ё тасдиқламайди, ё инкор қилмайди, деб келиб гапирмоқчи бўлиб турганларида, Салмон Форсий бу масаланинг кучайиб кетмаслигини кўзлаб: «Бу гапларни ҳозироқ тўхтат. Бўлмаса, сен ҳақингда халифа Умарга шикоят ёзаман, кейин ўзингдан кўр», дебдилар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ҳазрати Умардан қўрққанларидан орқага қайтиб кетибдилар.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ҳам одам боласиман, баъзан ғазаб пайтида бировга лаънат айтган бўлсам, ана шу лаънатим яхши дуо ўрнига ўтишини Аллоҳдан сўрайман», деган маънода ҳадис айтган эканлар.

Бу ҳам ҳаммамиз учун ўрнак бўлиши лозим.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу улуғ саҳобий эканлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари бўлганлари ва барча саҳобалар ичида катта обрўга сазовор бўлганлари маълум. Аммо шунчалар улуғлик баробарида ўта камтар бўлганларига урғу бериш кўзланган мақсаддир.

У кишининг ўз боғларида ўзлари ишлаб, юкларини ўзлари кўтаришлари камтарликнинг бир кўринишидир. Энди уйларига келгандаги ҳолатга назар солайлик.

«Қараса, эшик томонга биттагина кигиз солиб қўйилибди. Бошга (ёстиқнинг ўрнига) ғишт қўйилган экан. Яна қандайдир тўқим ҳам бор.

Сўнгра: «Мавлоинг ўзи учун тайёрлаб қўйган кўрпага ўтир», деди».

Бу ҳам камтарлик ва содда ҳаётнинг бир кўриниши. Бу ҳам ибратга сазовор иш.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Умар: «Бизни қавмимизнинг ерига олиб чиқинглар», деди.

Биргаликда чиқдик. Мен билан Убай ибн Каъб одамларнинг охирида, орқада борардик. Шунда бир булут ҳаракатга тушди. Убай: «Аллоҳим! Унинг озорини биздан бошқа томонга бургин», деб дуо қилди.

Кейин уларга етиб олдик, уларнинг юклари ёмғирдан ҳўл бўлиб кетган экан. Улар:

«Бизга ёққан ёмғир сизга ёғмадими?» дейишди.

Шунда мен:

«Бу (Убай ибн Каъб) Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилиб, биздан унинг озорини бошқа томонга буришини сўраган эди», дедим.

Шунда Умар:

«Ўзларингизга қўшиб бизга ҳам дуо қилмадиларингми?» деди».

Шарҳ: Ушбу ҳадислардан шаҳардан ташқарига, боғлар, экинзорларга чиқиш саҳобаи киромнинг одатларидан эканини билиб оляпмиз. Ўшанда улар юкларини ўзлари кўтариб боришар экан. Юклари ёмғирда ҳўл бўлгани ҳақидаги гапдан шуни англаб оламиз.

Шунингдек, улуғ саҳобий Убай ибн Каъбнинг дуолари ижобат бўлгани туфайли у киши билан бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос ва бошқаларнинг устига ёмғир ёғмай қолганини ҳам билиб олдик.

 

                                                      «Одоблар хазинаси» китобидан