НАМОЗГА ГЎЗАЛ ДАЪВАТ

0
31

Бир йигит айтади: «Бир куни синфдошларим билан айланишга чиқмоқчи эдик. Отамдан дўстларим билан айланишга бориш учун рухсат сўрадим. Улар шартим бор, яъни: «Бир ҳафта барча намозни масжидда ўқисанг, сенга айланиш учун маблағ ва мукофот ҳам бераман», деб айтдилар. Алҳамдулиллаҳ, мазза қилиб айланишга бориб келдим. Намоз мени хурсанд бўлишимга сабаб бўлгани учун уни яхши кўриб қолдим».

Ўсмир қиз шундай сўзлайди: «Мен ҳар доим намозни ё кечиктирар эдим ё икки намозни битта қилиб ўқир эдим. Бир куни отам сезиб қолдилар ва мени олдиларига чақирдилар. Отам мендан: «Аллоҳни яхши кўрасанми ёки мени яхши кўрасанми?» деб сўрадилар. Мен: «Албатта, Аллоҳни яхши кўраман» деб жавоб қайтардим. Отам: «Аллоҳ барча нарсадан улуғ! Унинг чақириғига жавоб беришинг, менинг чақириғимдан кўра афзалроқ. Агар Аллоҳ чақираётган бўлса, у сени намоз орқали чақиради, унинг чақириғидан қолмагин!, деб айтдилар. Отамнинг бу гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Шу кундан бошлаб Аллоҳ чақириғига амал қилган ҳолатда, мен намозимни кечиктирмасдан ва ўз вақтида ўқишга харакат қиламан».

Бир куни битта йигит айтади: «Онам мени намоз ўқишга жуда чиройли йўл билан буюрар эдилар. Яъни: «Эй, ўғлим қиёматда Пайғамбаримизни ховузларини олдида йиғилгунимизга қадар, намозингни ўз вақтида адо эт!», дер эдилар. Мени ва акамларимни худди шу йўл билан намозга шижоатлантирар эдилар. Онам бизга: «Қиёматда Пайғамбаримизни кавсарлари олдида оилавий жам бўлиб, йиғилишимиз учун ҳеч ким қолиб кетмаслигини» бир мақсад қилиб қўйган эдилар».

Оналардан бири айтади: «Азондан бир неча дақиқа олдин фарзандим билан бирга ўтириб ва унга эртак айтиб бераман. Эртакнинг ўртасига келганда, азон овозини эшитамиз. Ўша пайт фарзандимни бағримга босиб, азон овозини бирга тинглаб уни такрорлаймиз. Сўнгра намоз ўқиймиз. Намоз ўқиб бўлгач, эртакни давом эттирамиз. Болам масжидда намозини ўқиб бўлгач, эртакни давомини эшитиш учун, уйга тез қайтади. Мен шу томонлама фарзандимни намозга шижоатлантираман. Негаки, у яхши кўрадиган нарсаси билан намозни боғлаганман. Ҳар доим эртакни бошлаймиз, азон овози эшитилганда сўнг, намоз ўқиймиз ва ўқиб бўлгач бир неча сониялардан кейин эртак ҳам тугайди. Шу туфайли фарзандим бошқа ишларини ташлаб, намозини биринчи ўринга қўядиган бўлади.

Бир куни бир йигит айтади: «Биз масжид яқинида яшар эдик. Бир куни мен кўчада ўйнаётган эдим. Адашмасам, ўша пайт иккинчи синф ўқир эдим. Сўнгра, отамни кўриб қолдим. Масжид томон шошаётган эканлар ва менга: «Юр болам масжидга», дедилар. Мен отамга: «Озгина ўйнаб олай, кейин уйда намоз ўқиб оламан» дедим. Отам менга бир умр ёдимда қоладиган сўзни такрорладилар: «Эй ўғлим! Аллоҳнинг қўшнилари бўлиб туриб, у ўз уйига меҳмондорчиликка чақираётганида чиқмаслигимиз ақлга тўғри бўладими? Масжиднинг қўшнисига у ердан бошқа жойда намоз ўқиш ярамайди», деб айтдилар. Бу гаплари мени ҳеч ҳам ёдимдан кўтарилмайди. Уйимиз масжиднинг яқинида бўлгани учун, отам жуда қувонар эдилар. Улар доим уйда бўлганларида намозни масжидда ўқир эдилар. Аллоҳ отамни шундай гўзал ила мукофотладики, улар масжидда бомдод намозида вафот этдилар».

Қизларимиздан бири айтади: «Онам менга бор меҳрларини берар эдилар ва: «Агар намоз ўқимасанг, дўзахга кирасан ва сенга қўшилиб мен ҳам кираман. Негаки, мен сени намоз ўқишинга маъсулман. Сени намоз ўқишингга буюрилганман» деб айтар эдилар. Онамнинг шу сўзлари бор вужудимга сингиб кетган эди. Негаки, мен онамни яхши кўрар эдим. Баъзи вақтлар эса ўзим учун эмас, онамни дўзахдан қутқариш учун намоз ўқир эдим».

Йигитлардан бири айтган экан: «Отам менга: «Эй, ўғлим! Аллоҳ қиёмат кунида сенинг намозингни мендан сўрайди. Эй севгилим! Намозингни ўқи! Мени дўзахдан қутқар!» деб айтар эдилар. Бошида мен отамга раҳм қилиб намоз ўқир эдим. Негаки, менинг отам оқ кўнгил ва раҳмли эдилар. Шу сабабли намозга меҳрим тушди ва уни яхши кўриб қолдим».

Бир қиз айтиб беради: «Ёшлигимизда кўп компьютер ўйнар эдик. Намоз вақти кириши билан у тилга кириб: «Эй менинг севгилим! Аллоҳ сени яхши кўришини хоҳласанг, намозга тур!» деб айтар эди. Отам бу овозли хабарни, мутахассис дўстлари ёрдамида ҳар намоз вақти кирганида айтадиган қилиб, ўзларини овозларида ёзиб қўйган эканлар. Фарзандлари компьютер ўйнаб, намоз вақтини ўтказиб юбормаслиги учун бу хабарни ёзиб қўйган эканлар. Биз буни ёшлигимизда компьютер ичида бизни кимдир кузатаётгандек ҳис қилар эдик. Бу нарсадан қўрқиб намозга турар эдик. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, вояга етганимиздан сўнг, ўзимиз мустақил намозга турамиз. Ҳеч ким бизга намозингни ўқи деб буйруқ бермайди».

Оналар бири айтади: «Фарзандим ўрта махсус таълим муассасасида таълим олар эди. Аллоҳни фазли орқали дарслари билан кўп шуғулланар, лекин намозига дангасалик қилар эди. Бир куни мен уни қўшимча дарсларига кетаётган вақтида кўриб қолдим. Ундан намозини ўқиган ёки ўқимаганлиги тўғрисида сўрадим. Ўғлим менга: «Онажон мен дарсга кечга қоляпман. Дарсимни тамомлаб сўнг, намозимни ўқийман», деб жавоб қайтарди. Шунда мен унга юзланиб: «Болажоним, тасаввур қил. Агар сенга йўлда бирор нарса бўлса, Аллоҳ асрасин ва сен вафот этсанг. Аллоҳни олдига намоз ўқимаган ҳолингда борасанми?», деб сўрадим. Ўғлим бу гапимни эшитганидан кейин, тезда таҳорат олиб намозини ўқиди. Шундан сўнг ҳар доим қўшимча дарсларига кетишидан аввал намозини ўқиб сўнгра кетишга одатланди. Бундай воқеа ўғлимни ёшлигида ҳам бўлган эди. Мен унга: «Намоз ўқимасидан аввал кўчага чиқма. Агар ўйнаётганингда, дарс қилаётганингда ёки кўчада юрганингда, сенга ёмонлик тегиб қолса, Аллоҳни олдига намозсиз ҳолида борасанми?» деб айтар эдим. Ханузгача мен ўғлимга бу нарсани эслатиб тураман.

Ҳабибуллоҳ Ахмадовнинг «Намоз» китоби асосида тайёрланди